Ўзбекистонда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилди.
Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги президент фармони билан 2019 йилнинг 10 январида қайта ташкил этилганди. Бундан аввал мазкур вазирлик Иқтисодиёт вазирлиги, деб номланган.
Пайшанба кунги йиғилишда коронавирус пандемияси шароитида аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланган.
Мажлис чоғида, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, янги иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.