Platforma.uz: “Ўзбекнефтгаз” бойларнинг ёғ босган тақир бошларини силамоқда

Ўзбекистонда 26 март кунидан АИ-92 маркали бензин нархи 6200 сўмдан 6000 сўмга камайтирилди. Кўплаб блогерлар аҳолининг катта қисми фойдаланадиган АИ-80 маркали бензин нархи туширилмаганига эътироз билдирган. Масалан, Телеграмдаги Platforma.uz канали АИ-92 маркали бензиндан мамлакат аҳолисининг нари борса 2-3 фоизигина фойдаланишини таъкидлаб, “Ўзбекнефтгаз” АЖни фақат бой қатлам манфаатини ҳимоя қилишда айблаган. “Бундан кўринадики, АЖ халққа эмас, киборларга саховат кўрсатмоқда, бойларнинг ёғ босган тақир бошларини силамоқда!” деб ёзади Platforma.uz канали.

Мутахассисларга кўра, жаҳон бозорида нефть нархи сувтекин бўлиб кетган бир пайтда ҳам “Ўзбекнефтгаз” АЖ бензин нархини туширишга шошилмаяпти.

“Солиштиринг: август 2019 йил: нефть – 65 доллар, қимматлаган бензин – 5500 сўм; март 2020 йил: нефть – 27 доллар, “арзонлаган” бензин – 5600 сўм. Кўряпсизми, монополист арзонлаштирдим, деганда ҳам нархни қимматлаштирган бўлади. Эслаб қолинг, Ўзбекистонда нефть нархи ошсаям, бензин нархи ошади, нефть нархи тушсаям, бензин нархи ошади”, деб ёзади блогер Отабек Бакиров.