Ўзбекистонда жамоат жойларида ниқоб тақмагани учун 178 киши 61,8 млн сўм жаримага тортилди.
Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Ўзбекистон маъмурий судлари томонидан 192 нафар шахсга нисбатан жамоат жойларида ниқоб тақмагани учун маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишлар кўриб чиқилган.
Жумладан, таниқли хонанда Муниса Ризаева карантин пайтида жамоат жойида тиббий ниқобсиз юргани учун жавобгарликка тортилди.
Бу ҳақда хабар қилган Маданият вазирлигига кўра, вазир Озодбек Назарбеков хонандага нисбатан қаттиқ огоҳлантириш бериб, жарима тўловини амалга оширишини уқтирган.
Ризаева томонидан 26 март куни Инстаграмдаги саҳифасига жойланган видеода хонанданинг Тошкентдаги қурилиш компаниясига ниқобсиз боргани акс этган.
Ушбу видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлгач, вазир Назарбеков хонандани ўз қабулига чақирган ва унга огоҳлантириш берган.
Коронавирус тарқалишининг олдини олиш чораларига кўра, тиббий ниқобсиз кўчага чиққан одам 1115000 минг сўмлик жаримага тортилади.
Ички ишлар вазирлигига кўра, карантин тадбирлари эълон қилинган 24 мартдан 27 мартга қадар республика бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 3649 та ҳолат аниқланган.
Энг кўп ҳолат Самарқанд ва Фарғона вилоятларида аниқланган.
Ҳуқуқбузарларга нисбатан "Маъмурий жавобгарлик" тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.