Умрада бўлиб қайтган наманганлик аёлнинг 5 қариндоши ҳамда унинг яқинда вафот этган онасига қараган ҳамширада коронавирус аниқланди.
Daryo.uz нашри келтирган тафсилотларга кўра, 29 март куни Ўзбекистонда аниқланган 29 та янги ҳолатнинг 6 таси Наманганда.
Наманган вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ўринбосари Давлатали Қосимовга кўра, вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 12 нафарга етган.
12 март куни Туркия орқали Умра зиёратига бориб келиб, уй карантинида назоратда бўлган Наманган шаҳрида яшовчи 51 ёшли аёл коронавирус инфекциясига чалинганликда гумон қилиниб, 24 март куни юқумли касалликлар шифохонасига карантин кузатувига ётқизилганди.
Унинг коронавирус инфекциясига чалингани 26 март куни тасдиқланган.
Сўнгра аёлнинг онаси, синглиси, қизи ҳамда неварасида ҳам инфекция аниқланди. Аёлнинг 72 ёшли онаси инфекция юққани аниқланган куни - 27 март тонгда миокард инфаркти оқибатида вафот этгани хабар қилинган.
Бу аёл Умра зиёратидан қайтгач, уни кўргани камида 231 киши уйига келган. 29 март куни тонгда аёлнинг карантинда бўлган яна 5 қариндоши — яна бир синглиси, синглисининг келини, акаси, акасининг рафиқаси, жияни ҳамда унинг онасига тиббий хизмат кўрсатиб келган патронаж ҳамшираси — жами 6 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.