30 март соат 00:01дан бошлаб 20 апрель соат 00:01га қадар Ўзбекистондаги мавжуд барча авиақатновлар бутунлай тўхтатилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Хабарда бундай қарор “Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси” томонидан қабул қилингани билдирилган.
Аввалроқ республика махсус комиссиясининг қарори билан Ўзбекистонда 30 март эрталабки соат 6 дан 20 апрель тунги соат 12 га қадар мамлакат бўйлаб шахсий машинадан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш тақиқланган эди.
Қарорга асосан автотранспорт воситалари давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер) асосидагина ҳаракатланиши мумкин.
Бугунги кунгача Ўзбекистонда 144 кишида коронавирус аниқланди, 2 бемор вафот этди, 7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.