Марказий банк аҳоли ва тадбиркорларга битта мурожаатнома асосида кредит таътили беришга оид кўрсатма чиқарди

30 март куни Ўзбекистон Марказий банки коронавирус пандемияси оқибатида оғир аҳволга тушиб қолган жисмоний ва юридик шахсларнинг кредит тўлов муддатини узайтириш бўйича тижорат банкларига кўрсатма берди.

Унга кўра¸ тижорат банклари тўлов муддатини узайтиришни соддалаштирилган тартибда - фақат битта мурожаатнома асосида кўриб чиқиши лозим.

Бу мурожаатномани берувчи шахс кредит тўловларини узайтириш юзасидан асослантирилган изоҳ келтириши¸ карантин даври якунлангандан сўнг қарздорликни кредит шартномасига киритиладиган ўзгартиришларда кўзда тутилган тартибда тўлаш мажбуриятини зиммасига олиши шарт.

Айни пайтда Марказий банк “карантин даври тугагандан сўнг белгиланган муддат ичида қўшимча ҳужжатларни қонунчиликка мувофиқ расмийлаштирилмаган тақдирда кредит шартномасига киритилган ўзгаришлар кредит ташкилоти томонидан бекор қилиниши ва дастлабки шартнома шартлари кучга киришини” ҳам алоҳида таъкидлаган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўз Telegram каналида Марказий банк берган тавсияси қуйидагича изоҳлади.

"​Кредит муддатини узайтириш бўйича Қарздор Таъсисчиларининг қарори, Гаровга қўювчиларнинг кредит муддатини узайтиришга розилик хатлари, Кафиллик ва суғурта полислари берган субъектларнинг розилиги каби ҳужжатлар карантин даври тугагандан кейин талаб қилинади.

Агар ушбу ҳужжатлар карантин даври ва чекловлари тугагач, Банкка тақдим этилмаса ва тегишли шартлар бажарилмаса, Банкнинг Кредит шартномаси бўйича реструктуризация қарори бир томонлама бекор қилинади".

Ўзбекистон Марказий банки кейинги икки ҳафта ичида икки марта тижорат банкларига коронавирус оқибатида оғир аҳволга тушган аҳоли вакиллари ва тадбиркорлик субъектларига кредит таътили беришга оид тавсиясини эълон қилди.

Айни пайтда¸ ўз кредит фаолиятини Марказий банкдан мустақил тарзда юритиш ваколатига эга тижорат банклари бу тавсияни амалга оширишга ошиқмаëтгани ўзбекистонлик тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлмоқда.