Бир неча кун олдин Россия президенти Владимир Путин билан учрашган шифокор Денис Проценконинг коронавирусга чалингани маълум бўлди. Проценко Фейсбук саҳифасида ўзини яхши ҳис қилаётгани ва айни пайтда ўз иш кабинетида изоляцияда ўтирганини ёзди.
Москвадаги Коммунарка касалхонаси бош врачи бўлган Денис Проценко коронавирусга чалинганлар тўғрисидаги маълумотни кундалик равишда эълон қилиб туриш билан танилди. У раҳбарлик қилаётган касалхонада коронавирусга чалинган беморлар даволанади.
Проценко 31 март куни эълон қилган маълумотда касалхонада 202 одам пневмония ташхиси билан даволанаётгани, уларнинг 186 нафарида COVID топилганини билдирди.
24 март куни президент Путин касалхонага келган ва Проценко билан учрашиб, суҳбатлашган эди.
Врачнинг қачон коронавирусга чалингани ҳозирча номаълум. Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Проценко коронавирусга чалингани тўғрисидаги хабар пайдо бўлиши ортидан президентни врачлар мунтазам текшириб тургани, Путиннинг саломатлиги яхши эканини билдирди.
Аввалроқ Песков Путин билан учрашадиган ҳар бир одам дастлаб коронавирусга текширилаётганини айтган эди.
Россияда сўнгги 24 соат ичида коронавирусга чалинганлар сони 500 тага ошди ва 2000 кишидан кўпроқни ташкил қилди.