Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони деярли 850 минг бўлди, деярли 42 минг одам ўлди

Италияда коронавирусдан вафот этганлар жасадлари солинган тобутлар.

1 апрелга ўтар кечасида эълон қилинган сўнгги маълумотда айтилишича, жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 849 500га етди. Бир суткада коронавирусга чалинганлар сони 74 минг кишини ташкил қилди. Бу бир кун олдинги кўрсаткичдан 30 фоизга кўпдир.

Вафот этган беморлар сони: 41 625 . Бир кунда 4516 одам вафот этди. Бу бир кун олдинги кўрсаткичдан 1300 тага кўпдир.

Тузалганлар сони 176 500 киши бўлди. 24 соат ичида 12 минг одам тузалди. Бу бир кун аввалги кўрсаткичдан 1,5 мингтага оздир.

Дунёда коронавирусга чалинганлар сони бўйича АҚШ етакчилик қилмоқда. Бу ерда 175 минг бемор бор. Уларнинг деярли ярми Нью-Йорк штатида яшайди.

Италияда 12 мингдан кўпроқ одам вафот этди. Сўнгги бир сутка ичида бу мамлакатда коронавирусдан 800 одам ўлди. 31 март куни Италияда эпидемиядан вафот этганлар хотирасига мотам тутилди.

Италияда коронавирусга чалинаётган одамлар сони озайиб бораётганини кўриш мумкин, лекин бу кўрсаткич ҳалигача кунига 4 минг кишидан кўпроқни ташкил қилмоқда.

Испанияда коронавирусга чалинганлардан 8 минг киши, АҚШ, Хитой ва Франциянинг ҳар бирида уч мингдан кўпроқ киши вафот этди. Россияда расмий маълумотларда таъкидланишича, коронавирус қурбонлари 17 кишидир.

Хитой ва Жанубий Кореяда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланаётгани кузатилмоқда. Бироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 31 март куни дунёда коронавирус эпидемияси ҳали бери якунланмаслигидан огоҳлантирди.

“Бу узоқ давом этадиган кураш бўлади ва шунинг учун доимо сергак бўлишимиз лозим. Ҳар бир давлат ўзидаги вазиятдан келиб чиқиб ҳаракатланишда давом этиши зарур”, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг минтақавий директори Такеши Касан.

31 март Тошкент вақти билан кеч соат 23.51даги ҳолатга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 172 кишига етди. Бир кунда коронавирусга чалинганлар сони 22 кишига кўпайди.