Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги барча мактаблар коронавирусга қарши дезинфекция қилинганини билдирди. Таълим ва фан вазирлиги эса баҳорги таътил якунланиб, 1 апрелдан мактабларда дарслар бошланишини маълум қилди.
Тожикистонда мактаб ўқувчиларининг баҳорги таътили 21 март куни бошланган. Ўн кун ичида мактаблар икки марта дезинфекция қилинган.
Расмий маълумотда таъкидланишича, Тожикистондаги 3800дан ортиқ мактабда 2 миллион бола ўқийди.
Тожикистонда ва Туркманистонда ҳалигача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат расман қайд этилгани йўқ. Аммо экспертлар бу маълумотга шубҳа билан қарамоқда.
1 апрель ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинган 348, Қирғизистонда 107 одам бор. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 31 март куни кечқурун 172 кишини ташкил қилди.