Коронавирусга чалинганларни даволашда қатнашган шифокорларнинг биринчи гуруҳига 14 кунлик иши учун 25 миллион сўмдан тўлаб берилди. Ҳамшираларга эса 15 миллион сўмдан тўланди. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубда ўтган анжуманда Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов маълум қилди.
Алимовга кўра, шу кунларда 4 мингдан ортиқ тиббиёт ходими коронавирусли беморларни даволашда иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда.
Дониёр Алимов коронавирусга қарши кураш доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига 1 апрелга қадар 30 миллиард сўмга яқин маблағ келиб тушганини ҳам айтди.
Унинг таъкидлашича, бу фондга Президент Администрацияси, Давлат хавфсизлик хизмати, ИИВ, Прокуратура ва МИБ ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Ўзбекистон телерадиокомпанияси ва Халқаро пресс-клуб томонидан пул ўтказилган. Бундан ташқари, 2 161 фуқаро ҳам фондга 3 миллиард сўм берган.
Президент Шавкат Мирзиеев аввалроқ коронавирусга қарши курашда иштирок этадиган тиббиёт ходимларига махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланганини билдирганди.
Врач-лаборантларга 25 миллион сўмдан, ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга 15 миллион сўмдан, кичик тиббиёт ходимларига 10 миллион сўмдан, бошқа ходимларга 5 миллион сўмдан қўшимча тўлов тўланиши белгиланган.
Беморларни даволаш чоғида коронавирус юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўмдан тўланади.