Карантин режими жорий этилганига қарамай, Олмаотага яширин йўллар билан ўтмоқчи бўлган уч нафар ўзбекистонлик қўлга олинди.
Kazinform агентлигининг 31 март куни хабар беришича, қўлга олинганлар Алатау тумани Бурундай мавзесида жойлашган 3-назорат станциясини четлаб ўтиб, шаҳарга киришга ҳаракат қилишган. Улар ўша жойда қўлга олинган.
Хабарда айтилишича, уч нафар ўзбекистонлик Олмаотага иш излаб бормоқчи бўлган.
“Айтишларича, улар карантин ҳақида билмаган. Албатта, бу уларни жавобгарликдан озод қилмайди. Ихтисослашган туманлараро маъмурий суд чет элликларни Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг 476-моддаси (фавқулодда ҳолат режимини бузиш) бўйича маъмурий жавобгарликка тортди ва улар маъмурий қамоққа олинди”, дейилади хабарда.
Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 350 нафарга яқинлаб қолди. Шу муносабат билан қозоқ ҳукумати мамлакатнинг бешта йирик шаҳри - Нур-Султон, Олмаота, Чимкент, Актау ва Қарағандада карантин режими жорий этган.