Ўзбекистон Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда 1 апрель куни хабар қилган ЎзАнинг ёзишича, ёрдам президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қирғизистон Республикасига коронавирус “COVID-19” касаллигини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида уюштирилди.
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги темирйўл станциясидан поездда жўнатилган ёрдам минг тонна ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, бир марталик бош кийимли ҳимоя комбинезони, респиратор, қўлқоп, ҳимоя кўзойнаги, пирометр ҳамда тест-системаларидан иборат.
Хабарда айтилишича: “Ўзбекистон халқидан Қирғизистон халқига инсонпарварлик ёрдами” шиори остида ташкил этилган инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тасарруфидаги “Қўрғонтепа дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти ҳамда мамлакатимиздаги фармацевтика корхоналари ҳамкорлигида амалга оширилди”.
29 март куни Бош вазир Абдулла Арипов топшириғига асосан Ўшга коронавирусга қарши кураш учун зарур бўлган тиббий воситалар жўнатилгани хабар қилингганди. Ўшанда 10 мингта тиббиёт маскаси ва 900та ҳимоя костюми Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев томонидан, 4800та экспресс-тестлар ва реагентлар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан жўнатилган.
Айни пайтда 1 апрель куни Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан давлат бюджетини қувватлаш мақсадида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида қўшимча қарз сўрагани хабар қилинди.
Коронавирус пандемияси бошланганидан буëн ҳозиргача Ўзбекистон ҳукумати Осиë тараққиëт банкидан вирус тарқалишини тўхтатиш учун 200 миллион доллар грант олган.