Россия президенти Владимир Путин карантин режимини бузганлик учун жазо чораларини кучайтирди. Путин 1 апрель куни имзолаган янги қонун Жиноят Кодекси ва Маъмурий жавобгарлик Кодексларига киритилган ўзгартишлардан иборат.
Бундан буён карантинни бузган одам айби билан бошқаларнинг касалликка чалиниш таҳдиди пайдо бўлса, айбдор 500 минг рублдан 700 минг рублгача жарима тўлайди ёки 2 йилгача қамалади.
Агар карантинни бузган одамнинг ҳаракатланиши оқибатида бир одам ўлса, жарима миқдори 2 миллион рублни ташкил қилади ёки уч йилдан беш йилгача қамоқ жазоси қўлланилади.
Агар икки ва ундан кўп одам ўлса, айбдор етти йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
Карантин тартибини бузган фуқаролар 15 мингдан 40 минг рублгача, юридик шахслар эса 150 минг рублгача жарима тўлайди.
Сўнгги маълумотларга қараганда Россияда COVID-19дан 24 одам вафот этди. 2777 одам коронавирусга чалинди.