АОКА ҳузуридаги штабда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова иштирокида брифинг ўтказилди.
Брифингда асосан, "иммунитети нисбатан паст бўлган аҳоли тоифалари — кексалар ва нуронийлар, ногиронлар, якка ёлғиз яшовчи фуқароларнинг" хонадонларига турли ҳомийлар, волонтерлар томонидан хайрия маҳсулотларининг карантин қоидаларига зид равишда кириб бораётгани ҳақида гап борди.
"Кейинги 5 кунда Вазирликка келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиб кўрдик — 494 та шу мазмунда мурожаат бўлган. Ҳақиқатда, оилаларни, одамларни, айниқса, хонадонимиз фаришталари — дуогўйларимизни асрашимиз керак. Бундан ташқари, айрим хонадонларга устма-уст ёрдам берилгани ҳолда, айрим хонадонлар эътибордан четда қолаётгани ҳақида ҳам 200 га яқин норозилик мурожаатлари бўлди", деди Боситхонова.
Унинг айтишича, бу ҳолатни инобатга олган ҳолда, 1 апрелдан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида “ўзини яккалаш” (само изоляция) ҳаёт тарзи жорий этилган ва хайрияни макразлашган тартибда етказиш қарори олинган.
1 апрель куни президент топшириғи билан Ўзбекистонда карантин қоидалари янада кескинлаштирилиб, қатор чекловлар жорий этилди.
65 ёшдан катталарнинг уйда чиқмаслиги билан бирга якка тартибдаги хайрия акциялари ҳам 1 апрелдан вақтинча тақиқланди.