"Адолат": ЕОИИга аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодига 2 миллиард доллар зиён келтиради

ЕОИИга қўшилиш масаласи Ўзбекистоннинг Россия билан алоқалари мустаҳкамлана бошлаши ортидан кун тартибига қўйилди.

«Адолат» социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласида ўтказилган видеоконференцияда, Тошкентнинг ташкилотга аъзо бўлиши ортидан мамлакат иқтисоди 2 миллиард доллар зиён кўриши тўғрисидаги хулосани эълон қилди.

Хулосада айтилишича, ЕОИИга аъзо бўлиш натижасида автомобилсозлик, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа соҳаларда инқироз юзага келиши мумкин.

Партия матбуот хизмати эълон қилган хабарда айтилишича, хулосада “ЕОИИнинг энг асосий аъзоси (иттифоқ иқтисодий потенциалининг салкам 85 фоиз ташкил этувчи) Россия ҳозирги кунда халқаро санкциялар ва босим остида. Бу унинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда, охирги 2 йилда рубль бир неча баравар қадрсизланган. Ушбу мамлакат билан битта иттифоқ доирасида ҳамкорликка киришиш келгусида бизнинг иқтисодиётимизга ҳам салбий таъсирини ўтказади”, деб ёзилган.

Айни пайтда партия "аъзолик ЕОИИ давлатларидаги мигрантлар масаласида айрим ижобий натижаларни келтириб чиқаради”, деб ҳисоблайди. Хулосада айтилишича, бугунги кунда Россияда 2,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлигида юрибди.

"Аъзоликдан сўнг фуқаролар ушбу давлатларда патент олмасдан ишлаш имкониятига эга бўлади ва пул жўнатмалари ҳозирги 4-5 миллиарддан 7-8 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда”, дейилади хулосада.

Март ойининг бошларида эса Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи-давлат мақомида қўшилиши маълум бўлганди.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи аввал Белорусдан, Қозоғистон ва Россия Божхона бирлашмаси сифатида тузилган. 2015 йилдан кейин мазкур ташкилотга Армения ҳамда Қирғизистон қўшилиб, ҳозирги номини олган.