АҚШда ишсизлик нафақаси сўраб Меҳнат вазирлигига мурожаат қилганлар сони бир ҳафтада рекорд даражага етди. Меҳнат вазирлигининг 2 апрелда маълум қилишича, ўтган ҳафтада 6 миллион 600 минг одам нафақа сўраган.
Бу бундан олдинги ҳафтада ўрнатилган рекорддан 3 миллион 600 мингга кўп. Ўшанда вазирликка 3 миллиондан кўпроқ одам мурожаат қилган эди. Икки ҳафта ичида 10 миллион америкалик ишсиз қолган.
Ишсизлик даражасининг кўпайишига коронавирус сабаб қилиб кўрсатилмоқда.АҚШ коронавирус бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди. Бу вирусга чалинганлар сони 220 мингдан ошди Ҳар куни АҚШда коронавирус юқтирганлар сони камида 20 минг кишига кўпаймоқда. Бунинг ортидан кўп штатларда чеклов чоралари кучга кирди ва минглаб хизмат кўрсатиш муассасалари ёпилмоқда.
АҚШда сўнгги марта ишсизлиқ нафақаси сўраб мурожаат қилиш бўйича рекорд 1982 йилда ўрнатилган эди. Ўшанда бир ҳафтада 700 минг одам Меҳнат вазирлигига мурожаат қилганди.
АҚШ конгресси ўтган ҳафтада иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 2 триллион доллар ажратиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Мазкур қонунга кўра, ўртачадан кам даромад топадиган одамларга 1000 доллардан, ҳар бир болага 500 доллардан моддий ёрдам кўрсатиш назарда тутилган.