Ўзбекистонда 3 апрелга ўтар кечаси яна 15 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан коронавирусга чалинган одамлар сони 205 нафарга етди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 апрель куни Тошкент вақти билан соат 10да берган маълумотида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 6 тага ошгани ва коронавирусдан касалланганлар сони 187 нафарни ташкил этганини билдирганди.
Шундан сўнг вазирлик 2 апрель куни тушга яқин уч кишида коронавирус аниқланиб, беморлар сони 190га етганини хабар қилган.
Ҳисоб қилинса, 2 апрель куни 24 одамда коронавирус аниқлангани маълум бўлади.
Пайшанба куни коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг яна 13 нафари бутунлай тузалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, уларнинг 12 нафари Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан, 1 нафари эса Хоразм вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонадан соғайиб чиққан.
1 апрель куни 4 нафар беморнинг соғайгани ҳам айтилди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан соғайган беморлар сони 12 нафарга етганди. 2 апрель куни соғайганлар сони 25 нафар бўлди. 2 нафар бемор вафот этди.