Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон жўнатган инсонпарварлик ёрдами 2 апрель куни етиб келганини билдирди ва жўнатилган маҳсулотлар бўйича маълумот берди.
Қирғиз ҳукуматининг билдиришича, Ўзбекистондан 17та вагонда гуманитар ёрдам келган. Бу ёрдам 1000 тонна ун, 7 минг комплект тиббий ҳимоя кийимлари, 95 респиратор, 20 минг тиббий қўлқоп, 500 кўз ойнак, 200та пирометр, 7 мингта бир марталик респиратордан иборат.
“Бу юк 17та вагонга барча санитар-эпидемиологик талаблар сақланган ҳолда юкланган”, дейилади ҳукумат маълумотида.
Ҳукумат гуманитар ёрдамнинг озиқ-овқатдан иборат қисми Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги омборхонасига туширилганини ва тегишли давлат идоралари билан келишилган ҳолда кам таъминланган ва ёрдамга мухтож оилаларга бўлиб берилишини билдирди.
1 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қирғизистон Республикасига коронавирус “COVID-19” касаллигини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида инсонпарварлик ёрдами жўнатилгани хабар қилинганди. Ўша куни Ўзбекистон Афғонистонга ҳам темир йўл орқали инсонпарварлик ёрдами жўнатган.
29 март куни Бош вазир Абдулла Арипов топшириғига асосан Ўшга коронавирусга қарши кураш учун зарур бўлган тиббий воситалар жўнатилгани хабар қилингганди. Ўшанда 10 мингта тиббиёт маскаси ва 900та ҳимоя костюми Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев томонидан, 4800та экспресс-тестлар ва реагентлар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан жўнатилган.
Айни пайтда 1 апрель куни Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан давлат бюджетини қувватлаш мақсадида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида қўшимча қарз сўрагани хабар қилинди.
Коронавирус пандемияси бошланганидан буëн ҳозиргача Ўзбекистон ҳукумати Осиë тараққиëт банкидан вирус тарқалишини тўхтатиш учун 200 миллион доллар грант олган.