“Коронавирусга чалинган беморларнинг 17 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, икки нафари эса нисбатан оғир деб баҳоланмоқда”, - деди 3 апрель куни "Ўзбекистон 24" телеканали орқали қилган чиқишида Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Бош санитар инспектор Нурмат Отабеков.
“Вазият мураккаблашиб бораётганини ҳали тўлиқ англаб етмадик, чамаси. Ҳалигача карантин талабларини бузаётган, бемақсад кўчаларда кезиб юриш, тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилмаслик ҳолатлари учраб турибди. Минг афсуски, касаллик аломатлари кузатилсада, бепарволик билан қараб, ўз вақтида шифокорларга мурожаат қилмай, аҳволи оғирлашгандан кейин шифохонага мурожаат қилаётганлар ҳам бор”, — деди Нурмат Отабеков.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 3 апрель соат 10.00 да берган маълумотида айтилишича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 16 тага ошиб, 221 нафарни ташкил этмоқда.
2 апрель куни 24 одамда коронавирус аниқлангани маълум бўлди ва беморлар сони 205 нафарга етган эди.
3 апрель ҳолатига кўра, 25 бемор соғайган.