Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги "Энергетиклар” сиҳатгоҳида сақланаётган 7 нафар фуқаро карантин қоидаларини бузгани учун 15 суткага қамалди.
"Дарё" сайтининг Олий суд матбуот хизматига таяниб 3 апрелда хабар беришича, уларнинг барчаси Бирлашган Араб Амирликларидан олиб келинган ва карантинга олинган эди.
“Улар ҳар хил уятли сўзлар билан ушбу сиҳатгоҳда сақланаётган бошқа фуқаролар ва карантин тартибини назорат қилувчи ходимлар олдида бақир-чақир қилишган, уларнинг тинчлигини бузган. Улар тинчликни таъминлаш учун келган ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, жамоат жойида уларни ҳам уятли сўзлар билан сўкиб, майда безорилик қилган”, дейилади расмий хабарда.
7 нафар фуқарога нисбатан иш Юқори Чирчиқ туман маъмурий судида 3 апрель куни бўлиб ўтган. Улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосида 15 суткага қамалган.
Озодлик радиоси 2 апрель куни мазкур сиҳатгоҳда карантинда сақланаётганлар билан боғлиқ вазият ҳақида лавҳа берган эди. Ўшанда Дубайдан олиб келиниб, карантинда сақланаётганлар Озодликка 14 кун деб айтилган карантин муддати тугаган бўлсада¸ уйларига қўйиб юборилмаётганига изоҳ талаб қилаётганларини айтган эдилар.
"Энергетик сиҳатгоҳи"да 17 март куни Дубайдан учиб келган аксари тужжорлар бўлган 254 ўзбекистонлик карантинда ушлаб турилибди.
Сиҳатгоҳ раҳбарияти ҳам¸ Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги расмийлари ҳам "Энергетик сиҳатгоҳи"да 14 кунлик карантинга олинганларнинг айтилган муҳлат тугаганига қарамай¸ нега ҳанузгача ушлаб турилганига изоҳ бермади.