Туркманистон ҳокимият идоралари озиқ-овқат етишмовчилигидан ғазабланган кишилар намойишини уларга ун қопчаларини тарқатиш билан бостирди.
“Озодлик” радиосининг туркман тилидаги хизмати берган хабарга кўра, 3 апрелда Туркманистоннинг жануби-шарқидаги Марв вилоятида ҳукумат субсидия ажратадиган ун ва ўсимлик ёғи етишмовчилигига қарши 30 дан ошиқ аёл норозилик билдирган.
Намойишчилар Марв шаҳри ғарбида йиғилиб, пойтахт Ашхободга олиб борадиган трассани қисқа вақт тўсиб қўйган, кейинчалик вилоят маъмурияти биноси томон юриш қилган.
Бироқ норозилик маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳар бир аёлга 2 килограммлик копчаларда ун тарқатгандан сўнг ниҳоясига етган.
Туркманистон аҳолиси уч йилдан бери озиқ-овақт маҳсулотлари тақчиллигидан азият чекиб келади. Бироқ яқинда коронавирус пандемиясига қарши чоралар кўриш мақсадида ижтимоий соғлиқни сақлаш соҳасида жорий этилган чекловлар Туркманистонда озиқ-овқат таъминоти тармоғи ишини мушкул аҳволга солиб қўйди.
Чекловлар мамлакат ичидаги йўлларни ёпиш, чегарадаги ўтиш жойларини тўсиш ва қўшни мамлакатлардан озиқ-овқат импорти қилинишига чеклов жорий қилишдан иборат.
Туркманистоннинг минтақадаги энг кўп коронавирус тарқалган Эрон билан 1150 милометрлик умумий чегараси бор.
Лекин расмий Ашхобод мамлакатда бирор киши ҳам коронавирусни юқтирмаганини айтмоқда. Бу ҳол Ашхободнинг касаллик ҳақидаги маълумотлари ишончли эканига шубҳа уйғотмоқда.