Коронавирусга чалиниб Тошкентдаги вирусология илмий-текшириш институти ва Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 7 беморнинг аҳволи оғир. Бу ҳақда 6 апрель Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.
“Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, бу ерда даволанаётган 80 нафар беморнинг 22 нафарида пневмония аломатлари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти маълумотига кўра эса, бу ерда даволанаётган 67 бемордан 1 нафарининг аҳволи ўрта оғирликда, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти”, - деб иқтибос келтирди АОКА матбуот хизмати Нурмат Отабеков сўларидан.
Шунингдек, бош давлат санитария инспектори касаллик фақат мулоқот йўли билан, ҳаво томчи йўли билан юқиши мумкинли аниқ билинганини таъкидлар экан: “Шундай экан, ҳар биримиз мулоқотдан ўзимизни сақлашимиз, ортиқча кўчага чиқмаслигимиз, ясама заруриятни ўйлаб топмаслигимиз керак”, - деб айтган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 6 апрель соат 10.00даги маълумотига қараганда, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 390 нафарни ташкил этди.