Нью-Йоркнинг Бронкс мавзесидаги ҳайвонот боғида 4 ёшли Малайзия йўлбарси Надида коронавирус аниқланди. Ундан олинган тест натижаларини Ветеринария миллий лабораторияси тасдиқлади.
Ҳайвонот боғи раҳбариятининг билдиришича, Нади, унинг Азул лақабли синглиси, икки амур йўлбарси ва учта африка арслонида қуруқ йўтал кузатилган. Қолган ҳайвонлардан анализ учун тест олинмаган. Чунки бунинг учун уларни оммавий тарзда анестезиядан ўтказиш шарт бўлган.
Ҳозирча, йўлбарсга коронавирус одамдан юққани тахмин қилиняпти. Ҳайвонот боғи раҳбариятининг билдиришича, ҳайвонларга қаровчи ходимлардан бирида коронавирус аниқланган эди.
Йўлбарсларда бу касаллик қандай кечиши ҳозирча номаълум. Бу COVID-19 одамдан ёввойи ҳайвонга юқиши бўйича биринчи ҳолатдир.
Бугунга қадар Америкада 312 мингдан ошиқ одам вирусга чалинди. Уларнинг ярмидан кўпроғи Нью-Йоркда яшовчилардир. АҚШда коронавирусдан ўлганларнинг ярмидан кўпи ҳам Нью-Йорк штатида.