Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган З.Ҳ. ва Ҳ.С. маҳаллий шифохоналарда коронавирусдан вафот этганини тасдиқлади.
Озодлик “Америка овози” радиосига таянган ҳолда 5 апрель куни 3 апрелда Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берган эди.
Вафот этган ўзбекистонликларнинг бири эркак, бири аёл. Ёшлари 50-60 орасида. Қўшма Штатларда доимий яшаб, ишлаб келган одамлар. Оилалари ҳам шу ерда.
Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси оммавий ахборот воситалари икки кун кечикиб берган бу хабарни уч кун ўтгач тасдиқлади ва “марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор этган ва чет элдаги Ўзбекистон фуқароларига коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича маҳаллий ҳокимият талабларига тўлиқ риоя этиш, оммавий тадбирларда қатнашмаслик, гавжум жойларга ташриф буюрмаслик ва барча эҳтиёт чораларини кўришни қатъий сўраган”.
Вазирлик томонидан қайд этилишича, АҚШда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги элчихонасига +1-202-887-5300 (ички.1) телефон рақами орқали ва Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонасига +1-212-754-7403 телефон рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.
“Америка овози”нинг ёзишича, бугунга келиб АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 300 мингдан ошган. Ўлганлар сони 8500га яқинлашган. Беморларнинг 115 мингдан кўпроғи ва ўлганларнинг 3500дан кўпроғи Нью-Йоркда.