““Ўзини яккалаш” режими 6 апрелдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида МАЖБУРИЙдир ва бу тартибга амал қилмаганлар катта миқдорда жаримага тортилади”.
АОКА штабида 6 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов “”Ўзини яккалаш" ҳаёт тарзи фуқароларнинг хоҳишига кўрами ёки карантин ҳамма учун мажбурийми?” - деган саволга мана шундай жавоб берди.
“Бугунги кунгача ўзини яккалаш ҳаёт тарзи доирасида фақат 65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан заруратсиз ташқарига чиқмасликлари сўралаётган эди. Энди бугун, 6 апрелдан бошлаб, "ўзини яккалаш" ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида МАЖБУРИЙ РАВИШДА жорий этилади”, - деди расмий.
Ғайбулло Примовнинг айтишича, 6 апрелдан бошлаб сабабсиз уйдан кўчага чиққанларга қуйидагича жарималар солиниши назарда тутилган:
Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш:
▪️фуқароларга — 4 млн 460 минг сўмадан 6 млн 690 минг сўмгача,
▪️мансабдор шахсларга — 6 млн 690 минг сўмдан 11 млн 150 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар ушбу ҳаркатлар натижасида одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса, шахс ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА тортилади.
Маълумотда жиноий жавобгарлик даражасига аниқлик киритлмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 6 апрель соат 10.00даги маълумотига қараганда, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 390 нафарни ташкил этди.