Нью-Йоркда 51 ёшли яна бир Ўзбекистон фуқароси коронавирусдан вафот этди.
“Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, 2020 йил 6 апрель куни 1969 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Р.Х. коронавирус инфекциясини юқтириб олиш натижасида маҳаллий клиникада вафот этди”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги 7 апрель куни тарқатган расмий маълумотда.
Вазирликнинг билдиришича, 22 март куни Р.Х.да касалликнинг биринчи аломатлари қайд этилган эди, унинг соғлиғи кескин ёмонлашиши муносабати билан 2 апрель куни у касалхонага ётқизилиб, ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига уланган ва сунъий комага туширилган. “Ушбу даврда Бош консулхона унинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб турган” дейилади хабарда.
Вазирлик Бош консулхона диаспорал ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари билан биргаликда унинг дафн маросими билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилиш билан шуғулланаётганини таъкидлаган.
Ижтимоий тармоқларда АҚШда яшаётган ўзбекистонликлар Нью-Йоркда 6 апрелда вафот этган шахс Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист бўлганини ёзмоқдалар.
АҚШда яшовчи, асли ўзбекистонлик бўлган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ёзишларича, АҚШга 2008 йилда келган бу хонанда ресторанларда қўшиқ айтиб юрган.
Озодлик “Америка овози” радиосига таянган ҳолда 5 апрель куни 3 апрелда Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берган эди.
Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган З.Ҳ. ва Ҳ.С. маҳаллий шифохоналарда коронавирусдан вафот этганини 6 апрел куни тасдиқлади.