Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 7 апрелда билдиришича, 6 апрель куни Самарқандда сув босган 52та хонадон сувдан тозаланди.
Хабарда айтилишича, 6 апрель куни кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида шаҳарда сув тошқинлари юз бергани, ўнлаб хонадонлар сув остида қолган.
“Самарқанд шаҳри «Кулолон» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи «Чашма» коллекторига оқова сувлари сиғмасдан шаҳарнинг Регистон ва Даҳбед кўчалари кесишмасида тўпланган. Шунингдек, Сиёбча каналида ҳам худди шундай вазият кузатилиб, оқибатда автотранспорт воситаларининг қатновида қийинчилик юзага келган”, дейилади хабарда.
Вазирликнинг билдиришича, сув босган уйларни сувдан тозалаш учун 84 нафар ходим ва 11 та махсус техника, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, тегишли идора ва ташкилотлардан 83 нафар ходим ва 12 та техника жалб қилинган.
Бундан ташқари, ёмғир сувлари шаҳар ҳудудидаги қатор маҳаллалар ва кўчалардаги аҳоли хонадонларининг ҳовли ва ертўла қисмларига ҳам кирганлиги аниқланган.
Ҳозирча кучли ёмғир оқибатида сув босган хонадонларга келтирилган зиён миқдори ҳақида маълумот берилмади.