Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллигидан норози аҳоли стихияли намойишларни уюштирмоқда

Туркманистонда нон олиш учун навбатда турганлар.

Туркманистонда ун тақчиллиги аҳоли орасидаги норозиликни кучайтирмоқда. Бу ҳақда 8 апрель куни Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, сўнгги бир неча кун ичда мамлакат жанубида қатор стихияли норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Озодлик радиоси туркман хизмати 3 апрелда Марида аёллар ун талаб қилиб йўлни тўсиб қўйганлари ҳақида хабар берган. «Хроника Туркменистана» нашри эса 4 апрелда норозилар вилоят ҳокимияти олдига йиғилганини ёзди.

“4 апрель куни эрталаб, Мари вилоятидаги 30 аёл маҳаллий ҳокимият биноси олдига йиғилди. Қўриқчилар улардан уйларига кетишни талаб қилди, аммо аёллар ҳоким уларнинг арзларини тингламагунича кетмасликларини айтишди”, дейилади хабарда.

Аёллар ун билан биргаликда ўсимлик ёғи ҳам танқис бўлиб қолганидан шикоят қилишган.

Нашрнинг ёзишича, аёллар билан ҳоким ва унинг икки ўринбосари ҳамда вилоят милицияси бошлиғи учрашган. Аёллар тез орада вилоятда очлик бошланиши мумкинлигидан ташвиш билдиришган.

Туркманистонда уч йилдан бери озиқ-овқат танқислиги кузатилмоқда. Бу мамлакат бозорларида нарх-наво мунтазам кўтарилиб бормоқда.