Туман ва қишлоқларда автомашиналар учун стикер талаб қилинмайди

Махсус рухсатнома вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун талаб этилади.

Ўзбекистоннинг туман ва қишлоқларида автомобилда ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома талаб этилмайди. Агар ички ишлар ходимлари бундай рухсатномани талаб қилса, прокуратурага мурожаат қилиш лозим.

Бу ҳақда 8 апрель куни АОКАда ўтган брифингда Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов маълум қилди.

Расмий “Чирчиқ шаҳрида яшаймиз. Кеча ўғлим автомашинада нон ва фармацевтика воситалари сотиб олиш учун кўчага чиққанди. Уни ДАН ходими тўхтатиб, карантин қоидаларини бузганликда айблади ва автомашинани жарима майдонига жойлаштирди. Шу ҳолат қонунан тўғрими?” деган саволга:

"Республика махсус комиссияси қарорига кўра, махсус рухсатнома вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун талаб этилади. Қарор қишлоқларга, туман марказларига ТААЛЛУҚЛИ ЭМАС. Бу масалада яшаш жойингиздаги ИИБ ёки прокуратура органларига мурожаат қилишингиз мумкин", деб жавоб берган.

Коронавирус тарқалишига қарши курашга масъул республика махсус комиссияси қарори билан 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари фақат махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкин.