Ташқи ишлар вазирлиги Россияга меҳнат патенти тўлови муддатини узайтириш ва мажбурий ишсизлик сабабли патент тўловини амалга ошира олмаган ўзбекистонликларни маъмурий жавобгарликка тортмасликни илтимос қилиб нота жўнатди.
Бу ҳақда АОКада 7 апрелда ўтган матбуот анжуманида Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Авазбек Ҳожиматов маълум қилди.
Россия президенти Владимир Путин бир неча кун аввал коронавирусга қарши кураш доирасида “ишланмайдиган кунлар” муддатини 30 апрелгача узайтирган эди. Бу муддатда фуқаролар ишламай, “ўзини яккалаш” шароитида яшашлари лозим. Бунинг ортидан Ўзбекистондаги меҳнат муҳожирлари ҳам вақтинча ишсиз қолган.
“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу вазият сабаб Россия томонига меҳнат патенти бўйича тўловлар муҳлатини ишланмайдиган давр тугаб, меҳнат бозори тиклангунича кечиктириш, шу вақт мобайнида меҳнат муҳожирларини маъмурий жавобгарликка тортмасликни сўраб, расмий нота юборди. Ҳозирги пайтда мазкур масала Россия Федерациясининг ваколатли органлари томонидан кўриб чиқилмоқда”, — деди Авазбек Ҳожиматов.
Брифингда вазирлик расмийси хорижда қолган ватандошларни ватанга қайтариш масаласи ҳам муҳокама қилинаётганини айтган.
Унга кўра, Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган хориждаги талабалар рўйхатлари шакллантирилиб, маълумотлар чартер рейсларни ташкиллаштириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссияси, масъул вазирлик ва идораларга киритилган.
Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил 16 мартдан бошлаб Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан барча халқаро авиа, авто ва темир йўл қатновларини вақтинча тўхтатилган эди.