Президенти Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, президент “бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади”
Шунингдек, томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари дастлаб расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши маълум қилинди.
Президентнинг айтишича, томорқадан юқори ҳосил ва даромад олаётган омилкор инсонлар тажрибасини кенг жорий қилиш керак.
“Мисол учун, Асака, Олтинкўл, Наманган, Уйчи, Ангор, Жарқўрғон, Китоб, Тойлоқ, Самарқанд, Янгийўл, Зангиота, Олтиариқ, Қува каби туманлардаги аксарият томорқаларда 2-3 марта ҳосил олиниб, битта оила 8-10 сотихли экин майдонидан ўртача 50-60 миллион сўм, баъзилар эса 100 миллион сўм даромад қиляпти. Бироқ ҳамма жойда ҳам бундай эмас. Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм, Бухоро, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида томорқаларга экин экиш ишлари якунланмаганлиги алоҳида таъкидланди”, дейилади расмий хабарда.
Мутасаддиларга бундай хонадонлар билан бирма-бир ишлаб, томорқа майдонларига бозорбоп экинлар экилишини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
“Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак”, деб таъкидланади расмий хабарда.
Бу борада мутасадди раҳбарларга тегишли ҳужжатни қабул қилиш топширилди. Томорқалар ҳолатини дронлар орқали мониторинг қилиш ҳамда улардан унумли фойдаланиш учун ҳар бир сектор кесимида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.