Автомобилларга махсус рухсатнома бериш тўхтатилди

Қишлоқлар ва туманларда махсус рухсатномасиз автомобилда ҳаракатланиш мумкин.

9 апрелдан бошлаб давлат хизматлари марказлари автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома беришни тўхтатди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, коронавирус инфекциясини кенг тарқалишини олдини олиш ва эълон қилинган карантин талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида, республика махсус комиссияси 8 апрель куни мана шундай қарор қабул қилган.

“Бунда автотранспорт воситаларига мазкур санага қадар тақдим этилган рухсатномалар асосида ҳаракатланиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг рўйхати қисқартирилиб, алоҳида эълон қилинади”,-дейилади вазирлик маълумотида.

Айни пайтда кўриб чиқиш жараёнида бўлган аризалар қаноатлантирилмасдан қолдирилади.

8 апрель куни ўтган матбуот анжуманида Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов: "Республика махсус комиссияси қарорига кўра, махсус рухсатнома вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун талаб этилади. Қарор қишлоқларга, туман марказларига ТААЛЛУҚЛИ ЭМАС”, деб билдирган эди.

Коронавирус тарқалишига қарши курашга масъул республика махсус комиссияси қарори билан 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари фақат махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкин.