Ўзининг Instagram-саҳифаси орқали танилган 21 ёшли блогер Гейдар А., “ички ишлар органлари ходимларининг карантин кунларида олиб бораётган ишларини масхара қилганлиги” учун етти суткага қамалди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасиининг 8 апрелда хабар беришича: “Таниқли Instagram-саҳифаларнинг бирида муаллиф санитария-эпидемиология талабларини менсимаганлигини намойиш этганлиги акс этган бир нечта фото ва видеолар, шу билан бирга беодоблик сўзларини ишлатиб ички ишлар органлари ходимларининг карантин кунларида олиб бораётган ишларини масхара қилганлиги Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг назарига тушди”.
Хабарда айтилишича, блогерга нисбатан ишни Миробод тумани маъмурий суди кўриб чиққан. Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 моддаси (майда безорилик) билан айбдор деб топди ва 7 сутка қамоқ жазоси белгилади.
Бир неча кун олдин Тошкентнинг Амир Темур ҳиёбонида карантин пайтида видеога тушиб, ниқобсиз юрганини намойиш қилган икки йигит ва бир қиз ҳам суд томонидан 15 сутка қамоққа ҳукм қилинган эди.