Президент "Меҳр-шафқат ва саломатлик" фондига қанча маблағ ўтказилганини билдирди

Президент 8 апрелда коронавирусга қарши кураш масаласида видеоселектор ўтказди.

Қисқа муддатда фуқаролар, давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан "Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамғармасига 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказилди.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Ўзбекистонда коронавирус тарқаши олдини олиш муаммоси кун тартибига тушганидан сўнг Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди деган ташкилот номи ҳам тез-тез тилга тушмоқда.

Маҳаллий матбуот кейинги пайтда “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасига бир қатор давлат ташкилотлари ва фуқаролар томонидан пул маблағлари ўтказиб берилгани ҳақида тез-тез хабар бериб турибди.

Жумладан, бир гуруҳ таниқли санъаткорлар ҳам мазкур фондга 350 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ўтказиб берган.

1 апрель куни Ўзбекистон давлат телеканаллари коронавирус карантинини Тошкентда ўтказаëтган миллиардер Алишер Усмоновнинг айни шу фондга 20 миллион доллар хайрия қилганини хабар берди.

Айрим ўзбекистонликлар Озодлик радиосига мазкур фонддан ёрдам олиш имконияти йўқлигидан шикоят қилишган эди. 7 апрель куни Озодлик билан суҳбатда бу фонд мутасаддиларидан бири:

“Кунига ëрдам сўраб минглаб мурожаат бўляпти. Телефон рақамларимизни ўзгартиришга мажбур бўлдик. Карантиндан кейин одамларнинг ишсиз¸ пулсиз қолганидан¸ баъзи оилалар бир литр ëғгаям зор бўлиб қолганини тушуниб турибмиз. Лекин муҳтожларга ëрдам тарқатиш бизнинг ишимиз эмас. Биз 30 йилча олдин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида тузилган фондмиз. Вазирликка қараймиз. Ҳозирги шароитдаги вазифамиз фақат коронавирус билан боғлиқ. Карантинда сақланаëтганлар таъминоти¸ коронавирус юқтирганлар сақланаëтган касалхоналарга тиббий жиҳоз ва бошқа нарсалар топиб бериш¸ янги қурилаëтган мобил касалхоналарни ташкиллаштириш. Бизга ҳукумат¸ вазирлик фалон жой учун фалон нарса топ¸ деса топиб бериш билан машғулмиз. Ночорларга озиқ-овқат тарқатиш бизнинг ишимиз эмас. Бу билан маҳаллақўмлар¸ ҳокимликлар¸ мана энди Экспоцентрда очилган марказ шуғулланади (Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази назарда тутилмоқда -таҳр.) Илтимос¸ одамларга тушунтиринг¸ егулик сўраб бизга мурожаат қилишмасин”, деб айтган эди.