Путин ҳукумат ва губернаторларга "коронавирусга қарши кураш"га тайёр туриш топшириғини берди

Владимир Путин тиббиёт ходимларига қўшимча ҳақ тўланиши тўғрисида кўрсатма берди.

Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга ва губернаторларга коронавирусга қарши жиддий курашга тайёр туришлари шартлигини айтди. Унга кўра, кейинги 2-3 ҳафта ичида Россияда коронавирус вазияти мураккаблашиши кутилмоқда.

“Айни пайтда биз ҳар бир минтақада ҳар бир одамнинг ҳаёти учун курашишга тайёр бўлишимиз шарт”, -деди Путин 8 апрелда ўтган видеоселекторда.

Россияда бугунги кунгача коронавирусга чалингалар сони расман 8670 одамни ташкил қилди. Беморлардан 63 нафари вафот этди. Бироқ экспертлар бу рақамларнинг ростлигига шубҳа билдиришмоқда. Уларга кўра, коронавирусга чалинганлар ва ўлганлар сони расман эълон қилинаётганидан анча кўпроқдир.

Владимир Путин йиғилишда тиббиёт ходимлари ойлик маошига қўшимча ҳақ тўланиши тўғрисида кўрсатма берди. Унга кўра, уч ой мобайнида тиббиёт ходимларига 25 минг рублдан 80 минг рублгача қўшимча ҳақ тўланади.

Бундан ташқари Путин Россиянинг 80та минтақасига коронавирусга қарши кураш учун 10 миллиард рубль ( 133 миллион доллар) маблағ ажратилганини билдирди.