Kun.uz сайтининг Марказий ҳарбий округ матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беришича, Самарқандда карантинда бўлган 1 058 кишига уйига кетишга рухсат берилди. 14 кун давомида уларда коронавирус аломатлари аниқланмади.
“Карантинда бўлганларнинг 72 нафари самарқандлик бўлган. Қолганлар республиканинг барча вилоятларидан Самарқандга карантинга келтирилган. Уларнинг ярмига яқини водий вилоятларидан. 952 фуқаро 8 апрель куни махсус ташкиллаштирилган автобусларда уйларига жўнатилди”- дейилади хабарда.
9 апрель куни кечки рейс билан Навоий, Хоразм ҳамда Нукус йўналиши бўйича яна 105 нафар фуқаро ўз уйларига кузатилди. Самарқанд темирйўл вокзалидан улар махсус поезд билан жўнаб кетишди.
Хабарда айтилишича, 1 058 нафар ўзбекистонлик 14 кун олдин Қозоғистондан поездда Самарқандга олиб келинган ва карантинга олинган. Улар икки ҳафта давомида Самарқанддаги ҳарбий шаҳарчада жойлашган Қуролли кучлар кичик мутахассислар тайёрлаш марказида карантинда бўлишди.