Коронавирусга чалингани 15 март куни аниқланган илк бемор — олий тоифали шифокор Н. М. соғайди ва 9 апрель куни Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан реабилитацияга ўтказилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.
Шифокорнинг айтишича, у билан бирга унинг оила аъзоларидан бўлган 14 бемор ҳам соғайган.
Ўзбекистонда коронавирус юқтирган илк бемор 15 март куни аниқланган эди. Расмийлар олий тоифали шифокор бўлган бу бемор 11 март куни Франция пойтахти Париждан қайтгани, у Франциядан қайтгач, уйига меҳмонларни таклиф этгани ҳақида билдирган эди.
Расмий хабарларда шифокорнинг уйига меҳмонга келганлардан айримлари ва унинг оила аъзолари коронавирусга чалингани аниқлангани ҳам айтилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билидиришича, 10 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 624 нафарни ташкил қилмоқда.
Шу кунгача беморларнинг 38 нафари соғайди, уч нафари вафот этди.