OzodDayjest: Муниса Ризаева: Гулнора Каримова сабаб ўзимни ўлдирмоқчи бўлганман

Муниса Ризаева бир неча йил аввал Гулнора Каримованинг топшириғи билан “запрет”га тушгани ҳақида гапирди.

Депутат камбағалларга кўмак бериш учун фарзандига атаб қурган уйини сотди. Коронавирусга қарши кураш доирасида хайрия фондига тушаётган маблағ борасида онлайн ҳисобот бериш сўралди.Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Бир депутат хайрия учун уйини сотди, бошқа бири маошини тўлалигича эҳсон қилди

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани кенгаши депутати Абдуллажон Исоқов синов кунларида қийналган оилаларга кўмак бериш учун фарзандига атаб қурган уйни сотди (www.uza.uz, 6 апрель).

Иморат олди-сотдисидан тушган маблағ хайрия мақсадида сарфланмоқда. Қайд этилишича, туман кенгаши аъзоси тадбиркорлик билан ҳам шуғулланади. Депутат камтарлик юзасидан миллий агентлик мухбиридан қилаётган савобли ишини овоза қилмаслик, ўз исмини ошкор этмасликни сўраган.

“Халқимизнинг бу камтарин фарзанди ўзи ҳақида бошқалар билишини қанчалик истамаётган бўлмасин, менда бугунги кун қаҳрамонини одамларга танитиш истаги кучлилик қилиб, қўлимга қалам олдим”, деб ёзади мухбир.

Бир неча кун аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев ҳам мамлакатда карантин даври расман тугагунга қадар ўз маошини тўлалигича коронавирус инфекциясини енгишга ҳисса қўшаётган “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказишини маълум қилди.

Муниса Ризаева: “Гулнора менга “запрет” қўйганида ўзимни ўлдирмоқчи бўлганман”

Муниса Ризаева MyDay stories лойиҳасига берган интервьюсида бундан бир неча йил аввал Гулнора Каримованинг топшириғи билан “запрет”га тушгани ва бу ҳолат унга қаттиқ таъсир кўрсатгани ҳақида сўзлаб берди (www.repost.uz, 6 апрель).

“Гулнора Каримовага мен ҳақимда турли асоссиз гап-сўзлар етказишган. Мени унинг номини сотишда айблашган. Масалан, мени йўлда ЙПХ ходимлари тўхтатганида, мен уларга “Гули Каримованинг дугонасиман” деб айтганмишман гўё. Бундан ташқари, ўша вақтда унга яқин бўлган бир гуруҳ аёл хонандалар Каримовага мен ҳақимда бўлмағур гапларни гапирган... Бу гап-сўзлар M&TVA тақдирлаш маросимидан бир кун аввал бўлган. Ўшанда менга “Йил қўшиғи” ва “Йил хонандаси” номинацияларида мукофот бермоқчи бўлишган. Шунинг учун ушбу “интрига” атайин уюштирилган. Гулнора Каримова мен ҳақимдаги гапларга ишонган ва “Бўлди, унга ҳеч қандай мукофот бермайсизлар. Ҳаммаёқдан ҳайдайсизлар!” деб кўрсатма берган ”, дея ўша ҳолатни эслайди М.Ризаева.

Хонандага кўра, қора рўйхатга тушгач, барча ундан юз ўгирган.

“Ҳамма ўзидан қўрқиб мен билан гаплашишга ҳадиксирарди. Ўзимни худди ўлгандек ҳис этардим. Ҳатто юрак хуружи билан касалхонага ҳам тушиб қолганман, ота-онам мендан айрилишига бир бахя қолган. Ўзимни осиб ўлдиришга ҳам уринганман”, дейди М.Ризаева.

Коронавирусга қарши кураш доирасида хайрия фондига тушаётган маблағ борасида онлайн ҳисобот бериш сўралди

Ўзбекистонда коронавирус хавфи боис карантин эълон қилингач, “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига тушаётган хайрия пуллари миқдори кескин ортди, аммо жамғарма ўз расмий сайтида бу борада ҳисобот бермаяпти (www.qalampir.uz, 6 апрель).

Жамғарма сайтининг “Ҳисоботлар” деб аталган бўлимида охирги марта 2018 йилга доир рақамлар келтирилган.

Qalampir.uz нашрига кўра, коронавирусга қарши кураш доирасида жамғармага ўтказилаётган маблағлар ҳисоботи (қанча маблағ тушди, нимага сарфланди, қолдиқ сумма) онлайн тарзда бериб борилиши керак. Қайд этилишича, бу бир тарафдан шаффофликни таъминласа, иккинчи тарафдан маблағ ўтказаётган шахсларда ишончни мустаҳкамлайди.

Расмий маълумотларга кўра, қисқа муддатда фуқаролар, давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасига 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказилди.