Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов Ўзбекистонда шу кунгача 19та оилада ва 40та ташкилотда коронавирус юқтириш ҳолатлари аниқланганини 10 апрель куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Унга кўра, 19 оилада оила аъзолари, қариндош-уруғларга “коронавирус инфекциясининг ҳозиргача тарқалгани аниқланди”.
40та ташкилотда вирус юқтириш ҳолатлари ортидан оилалар ва ташкилотлар карантинга олинди.
«Ҳозиргача 40та ташкилотда коронавирус юқтириш ҳолати аниқланган бўлса, улардаги барча ходимлар рўйхати шакллантирилиб, махсус карантин зоналарига 14 кун давомида сақлаш учун юборилган. Карантиндагилар орасида касаллик аниқланадиган бўлса, бемор даволаш учун махсус шифохоналарга юборилади», - деди Баҳром Алматов.