Ўзбекистон мусулмонлари идораси коронавирус эпидемияси пайтида Рамазон ойини ўтказиш тартиби тўғрисида баёнот берди. 13 апрель куни муфтият расмий сайтида эълон қилинган баёнотда таъкидланишича, Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан мазкур масала муҳокама этилди ва ягона тўхтамга келиш ҳақида қарор қилинди.
Қарор қабул қилинишидан олдин “Рамазон ойини ўтказиш бўйича қўшни ва хорижий мамлакатлардаги ҳолат ўрганилди”. Баёнотда айтилишича, Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Туркия, Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идоралари томонидан Рамазон ойида масжидларда таровиҳ намозлари адо этилмаслиги ва оммавий ифторликлар уюштирилмаслиги ҳақида баёнотлар эълон қилинди.
Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши “Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказсинлар”, деган қарорга келган.
Бундан ташқари, Мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайн тарзда амалга оширилади.
“Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказсинлар”, дейилади баёнотда.
Закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини “Вақф” ҳайрия жамоат Фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ёки “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”га топширишлари тавсия этилади.
“Мусулмонларимиз хонадонларида Аллоҳ таолодан коронавирус балосини тез кунларда бартараф этишини сўраб, ихлос билан дуо қилсинлар”, деб кўрсатма берилади баёнотда.