Европа Иттифоқи коронавирус пандемияси таъсирини камайтириш учун Тожикистонга 48 миллион евро миқдорида кўмак кўрсатишга қарор қилди. Бу ҳақда ЕИнинг Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Мэрилин Жозефсон 13 апрель куни Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан учрашув чоғида билдирди.
Тожикистон ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, Европа Иттифоқи кўмаги “юзага келган эҳтиёжларни қондириш ва COVID-19 пандемияси оқибатларини юмшатиш бўйича Тожикистонга ёрдам сифатида ўзаро ҳамкорлик доирасида” тақдим этилади.
Европа Иттифоқидан ташқари Халқаро валюта жамғармаси ҳам қарз юкини енгиллатиш учун Тожикистонга кўрсатади. ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева 13 апрель куни жамғарма Хартиясини имзолаган 25 та қашшоқ давлатга ёрдам кўрсатилишини билдирди.
Георгиевага кўра, ХВЖнинг бу мақсад учун ажратган 500 млн доллар маблағи Тожикистон дохил 25 мамлакатнинг жамғарма олдидаги қарзидан бир қисмини узиш учун кетади. Мулозима бу маблағдан қанчаси Тожикистонга ўтказиб берилишини айтгани йўқ, бироқ Душанбе ХВЖга 30 млн доллар қарз экани маълум.
Тожикистон расмийлари мамлакатда ҳали коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ битта ҳам ҳолат қайд этилмагани билдирганлар, шунга қарамай, улар пандемиянинг эҳтимолий ёйилишини юмшатиш учун бир неча халқаро молия ташкилотига ёрдам сўраб мурожаат этганлар.
Шу пайтгача коронавирусга қарши кураш учун Тожикистонга Германиядан 1 миллион евро, Осиё тараққиёт банкидан 100 минг доллар, Жаҳон банкидан 11,3 миллион доллар, АҚШдан 866 минг доллар тушган. Россиядан эса коронавирусни аниқлаш учун 20 мингдан зиёд тест тизими келтирилган. ЮНИСЕФ ташкилоти бу мамлакатга тиббиёт ходимлари учун ҳимоя воситалари йўллаган. Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатган мамлакатлар орасида Ўзбекистон билан Қозоғистон ҳам бор.
Аввалроқ Тожикистон расмийлари хориждан келган инсонпарварлик ёрдамларини нотўғри тақсимлагани ёки кўмакка муҳтож шахслар ҳақида нотўғри маълумотлар бергани учун танқидга учраган, бироқ 8 апрель куни Тожикистон молия вазири мулозимлар коронавирус пандемиясига қарши кураш мақсадида йўлланган ёрдамлар юзасидан шаффофликни таъминлашларини билдирган.