Республика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг 2020 йил 14 апрелдаги қўшма йиғилиши қарорига асосан “иқтисодиёт тармоқларининг муҳим йўналишлари ва йирик ишлаб чиқариш ташкилотларини фаолиятини давом эттириш, шунингдек, йирик қурилиш объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини давом эттириш (бошлаш)га Республика махсус комиссиясининг ҳудудий штаблари раҳбарларининг қарорига (йиғилиш баёни) мувофиқ рухсат берилиши” белгиланди
Фаолиятини давом эттиришига рухсат берилган ташкилотларда санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиши шарт. Бундан ташқари улар ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиши лозим. Ишчиларни овқатлантириш ҳам объект ҳудудида ташкил этилади. Бунинг учун корхоналар раҳбарларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига шахсий жавобгарлик юкланади.
Қўшма қарорда Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида жорий этилган коронавирус инфекциясига қарши чекловлар Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларида ҳам амал қилиши белгиланди.