Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистондаги маҳбусларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖИЭББ) матбуот хизмати хабар берди.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори томонидан берилган ёрдам жазони ижро этиш муассасаларига коронавирус инфекциясини кириб келишини олдини олишга қаратилган.
“Инсонпарварлик ёрдами ўз ичига 15 турдаги турли тиббий ҳимоя (юз ниқоблари, тиббий қўлқоплар, химоя костюмлари, боғлов материаллари), кир ювиш ва шахсий гигинена хамда антибактериал воситаларни жамлаган бўлиб, унинг умумий қиймати 180 миллион сўмдан ортиқдир”, дейилади хабарда.
Ушбу воситалар тарбия колониясидаги вояга етмаган маҳкумлар ва аёллар колониясида жазо муддатини ўтаётганлар, шунингдек, ушбу муассасаларда хизмат қилаётган ходимларга мақсадли равишда етказиб берилиши қайд этилди.
Аввалроқ Ўзбекистон Венгрияга 500 мингта тиббий ҳимоя ниқоби етказиб бергани ва Беларусь, Хитой, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонга ҳам инсонпарварлик ёрдами юборгани хабар қилинган эди.