“Ўзкомназорат” карантин тартиби бузилганини иддао қилиб, жарима тўлаш талаби билан юборилаётган SMSларга ишонмасликка чақирди.
Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси -“Ўзкомназорат”нинг 14 апрелда билдиришича, “ўзини яккалаш” тартибига ўтган фуқароларнинг уйда ўтирганидан, шунингдек, одамларда коронавирус пандемияси сабаб хавотир кучли эканидан фойдаланиб қолаётган фирибгарлар турли усулларда кишиларни чалғитиб, уларнинг электрон ҳисобдаги маблағларини ўзлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
“Масалан, фуқароларга муайян сана ёки геожойлашув нуқтаси координатларини кўрсатиб, “Сиз карантин қоидасини буздингиз, энди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима тўлайсиз”, деган мазмунда жаримани уйдан тўлаш ҳам мумкинлигини таъкидлаб, тўлов учун карта рақами кўрсатилган SMS хабарнома жўнатиш ҳолатлари ҳам учраб турибди”, дейилади расмий билдирувда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, “Ўзкомназорат” ўзбекистонликларни бу каби SMSларга алданиб қолмасликка ва ҳеч қачон электрон ҳисобдаги маблағлар ёхуд турли махфий кодлар ҳақида бегона шахсларга маълумот бермасликка чақирган.
Шунингдек, бу каби ҳолатлар кузатилганда SMS хабарномани ўчириб ташлаш, телефон қўнғироғи бўлганлиги ҳақида 102 рақами орқали ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бериш тавсия этилади.