Қўшма Штатлар ўзининг USAID ташкилоти орқали Ўзбекистонга умумий қиймати қарийб 400 минг доллар бўлган 131 320 килограмм озиқ-овқат ёрдами етказиб берди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилади.
Мазкур ёрдам 35 мингдан зиёд муҳтож ўзбекистонликни қамраб олиши ҳамда 144 та соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасалари ўртасида тақсимланиши айтилмоқда. Бу рўйхатга карантин хизмати кўрсатаётган муассасалар, силга чалинган беморлари бўлган касалхоналар, болалар уйлари ва психиатрия хастахоналари киритилган.
Озиқ-овқат ёрдами “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси ва АҚШнинг Resource and Policy Exchange Inc (RPX) ноҳукумат ташкилоти билан ҳамкорликда тарқатилади.
USAID ташкилотининг озиқ-овқат ёрдами етказиб бериш бўйича халқаро дастури 2009 йилдан бери Ўзбекистонга жами 1163 тонна (3,2 млн долларлик) озиқ-овқат етказиб берган.