Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 апрель куни кимё, агротехника ва автомобиль саноати корхоналарида ишлаб чиқариш суръатларини таъминлаш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилади.
Йиғилишда Ш. Мирзиёев бутун дунёда пандемиядан энг катта зарар кўрган тармоқлардан бири автомобилсозлик бўлаётгани, бундай шароитда корхоналарнинг барқарор ишлашини таъминлаш учун аввало ички бозор имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлаган.
Президентга кўра, Ўзбекистонда эҳтиёт ва бутловчи қисмлар бозори 500 миллион долларни ташкил этади, маҳаллий маҳсулотларнинг ундаги улуши эса атиги 9 фоиз.
Шундан келиб чиққан ҳолда, видеоселектор чоғида “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамиятига жорий йил якунига қадар 300 турдаги импорт бутловчи қисмларни ўзлаштириб, хорижникидек сифатли ишлаб чиқариш вазифаси қўйилган.
Шунингдек, автомобилларнинг янги моделларини ишлаб чиқиш, автокредит бераётган тижорат банкларини рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилган.
“Самавто” ва “МАН” заводларида махсус техникалар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр тармоқда талаб кузатилаётган янги турларни ўзлаштириш яхши самара бериши таъкидланган.