Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмийси Чжао Лицзянь коронавирусга чалинган биринчи одам Ухандаги лаборатория ходими бўлгани тўғрисида матбуотда пайдо бўлган хабарларга муносабат билдирди. Бу ҳақда Reuters 16 апрелда хабар берди.
“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) бир неча маротаба коронавирус лабораторияда яратилгани тўғрисида далиллар мавжуд эмаслигини билдирган”,- деди Лицзянь.
Аввалроқ Fox News телеканали аноним манбаларга таянган ҳолда, коронавирусга чалинган энг биринчи одам Ухандаги лаборатория ходими бўлгани тўғрисидаги маълумотни намойиш этган эди.
Айни Ухань шаҳрида 2019 йилнинг охиридан бошлаб коронавирус тарқалган. Fox News телеканали коронавирус биологик қурол эмаслигини, Хитой вирусни ўрганиш орқали уни аниқлашда ва қарши курашда АҚШдан ўзиб кетмоқчи бўлганини билдирди.
CNN 16 апрелда АҚШ разведкаси расман вирус лабораторияда яратилгани тўғрисидаги тахминларни ўрганаётганини хабар қилган.