Тошкент давлат шарқшунослик институти университетга айлантирилади. Бу борада президент Шавкат Мирзиёев 16 апрель куни “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарорга асосан Тошкент давлат шарқшунослик университети ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади.
Қарорда Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2021 йил 1 августга қадар Университетнинг янги 9 қаватли биноси ва спорт мажмуасини қуриш ва фойдаланишга топшириш кўрсатмаси берилди.
Шунингдек, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Университетга ўқишга қабул қилишда шарқ тилларидан (турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, япон тиллари) топшириладиган кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари ўтказилиши йўлга қўйилади.
Бундан ташқари “2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ушбу тажрибани бошқа тиллар (испан, итальян, тожик, қозоқ, туркман, қирғиз тиллари ва бошқалар) бўйича республикадаги барча давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин”, дейилади қарорда.