Аҳолига арзон ун ва картошка етказиб бериш вазифаси прокуратурага юклатилди. Бу ҳақда 19 апрель куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги - АОКАда ўтган брифингда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим бошлиғи Фарҳод Очилов маълум қилди.
“Давлат ресурсларидан ажратиладиган ун ҳажмларини биржа савдоларисиз арзон нархда истеъмолчиларга кафолатли етказиб берилиши юзасидан топшириқ олдик ва ижросига киришдик”,— деди Фарҳод Очилов.
Расмйнинг айтишича, аҳоли орасида “картошкага бўлган талабнинг кескин ошганлигини ҳисобга олиб” хориж давлатларидан сотиб олинган картошка деҳқон бозорлари ва савдо шоҳобчаларига прокуратура ходимлари назорати остида етказилмоқда. Картошканинг нархи эса қатъий назоратга олинган.
Аввалроқ айрим ўзбекистонликлар Озодлик радиосига картошка ва ун тақчиллашгани, бу маҳсулотларнинг нархи кўтарилганидан шикоят қилган эдилар.
Аммо расмийлар бу маълумотларни рад этганлар ва Ўзбекистонда озиқ-овқат тақчиллиги мавжуд эмаслигини билдирганлар.