Душанбе шаҳар прокуратурасининг ўтган ҳафтада нафас йўлларидаги хасталик туфайли касалхонага ётқизилган ёш ва соғлом ходимининг кутилмаганда вафот этгани унинг қариндошлари ва яқинларини карахт қилиб қўйди.
Шаҳар прокуратурасининг ички ишлар идоралари фаолияти устидан назорат бўлими бошлиғи Жалолиддин Пиров, Озодлик тожик хизматининг хабар қилишича, 19 апрель куни эрталаб оламдан ўтган. Яқинларининг айтишича, марҳумнинг жасади солинган тобут махсус ҳимоя кийимидаги шифокорлар ҳамроҳлигида “тез ёрдам” машинасида видолашиш учун унинг ҳовлисига олиб келинган ва ўша заҳотиёқ дафн учун олиб кетилган.
“Эҳтиёт чораси сифатида қариндошларга тобутни очишга рухсат ҳам беришмади”, деди марҳумнинг яқинларидан бири.
Унинг айтишича, Жалолиддин Пиров ўтган ҳафта шифохонага ётқизилган, 16 апрель куни эса унинг саломатлиги бирданига ёмонлашган.
Марҳумнинг ҳамкасбларидан бири, Тожикистон Бош прокуратураси ходимининг Озодлик тожик хизматига айтишича, Пиров ўтган ҳафта хасталанган ва унга карантинга чиқиш тавсия қилинган, аммо коронавирус борасида бирор-бир шубҳа бўлмаган.
Бошқа бир манбага кўра, ўзи ҳам прокуратура ходими бўлган марҳумнинг отаси Саидислом Пиров ҳам саломатлиги ёмонлашгани важидан 19 апрель куни касалхонага ётқизилган.
13 апрель куни “зотилжам” ташхиси билан Душанбедаги юқумли касалликлар шифохонасига ётган Жалолиддин Пиров орадан уч кун ўтгач, аҳволи ночорлагани ортидан “Истиқлол” клиникасига олиб келинган эди. Айни пайтда Пиров билан бир палатада ётганлар карантинга олингани айтилмоқда.
“Ахбор” сайтининг ўз манбалари маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, Жалолиддин Пиров яқинда хориждан қайтган, аммо “таниш-билишчилик” қилиб, 14 кунлик мажбурий карантиндан ўтмаган эди. Ҳозирда Пировлар оиласининг барча аъзоси уй карантинига олинган, уларга мотам маросимларини яқинлари орасида ўтказиш тавсия қилинган.
Юз берган ҳодиса Тожикистон расмийлари ҳали изоҳ берганларича йўқ, бироқ аввалроқ улар мамлакатда СOVID-19 билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд қилинмагани ҳақида баёнот берган эдилар.
Бу орада сўнгги кунларда зотилжам билан боғлиқ ўлимларнинг қайд қилинаётгани тожикистонликларни расмий баёнотларнинг ҳаққонийлигига шубҳа билан қарашга мажбур қилмоқда. Миш-мишлар ва ижтимоий тармоқлардаги шубҳа-гумонлар шу даражага чиқдики, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 апрель куни янги коронавирус профилактикаси штаби мажлисида ўлим ва зотилжам билан боғлиқ касалликларни муҳокама қилишга мажбур бўлди.
“Сўнгги кунлардаги ноқулай об-ҳаво шароити нафақат халқ хўжалигининг турли соҳаларига, балки мамлакат фуқароларининг саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Шу сабабли шу кунларда нафас йўллари билан боғлиқ касалликлар, жумладан зотилжам миқдори кескин ошиб кетди. Таҳлилларнинг кўрсатишича, зотилжам мавсумий касаллик ҳисобланади. Шу сабабли зотилжам касаллиги бирданига кўпайгани боис турли миш-мишларни тарқатиш керак эмас. Бугунги кунда республикада карантинга жойлаштирилган фуқаролар орасида коронавирус инфекцияси қайд қилинмаган”, дея таъкидлаган ўша мажлисда Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Шодихон Жамшид.